Регламентлар

“ЎЗПАХТАСАНОАТЭКСПОРТ” ХК ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИНИ ИШОНЧ ТЕЛЕФОНЛАР ОРҚАЛИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компания “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги


Н И З О М


1. Мазкур Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компания “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

2. Қуйидагилар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан; жисмоний ва юридик шахсларнинг холдинг компания ва унинг таркибидаги акциядорлик жамиятлари ҳамда акциядорлик компания таркибидаги корхоналар (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан; жисмоний ва юридик шахсларнинг бошқа масалалар буйича мурожаатларини олиш, умумлаштириш ва белгиланган тартибда кўриб чиқиш “ишонч телефони”ни ташкил этишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

3. “Ишонч телефони” орқали: ариза − ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат; таклиф − давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат; шикоят − бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаатлар қабул қилинади.

4. “Ишонч телефони” “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компания марказий аппаратида ўрнатилади. “Ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш ва уларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш ҳамда ижрочисига етказиш девонхона масъул ходими томонидан амалга оширилади.

5. “Ишонч телефони” орқали тушаётган мурожаатлар душанба кунидан жума кунигача (жума куни ҳам) (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача холдинг компаниянинг девонхона масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

6. Мурожаатларни кўриб чиқишда, холдинг компаниянинг масъул ходимлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган маълумотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келса, унинг тегишли розилигисиз ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

7. Таклиф холдинг компанияга келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн беш кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

8. Ариза ва шикоят холдинг компаниянинг “ишонч телефони”га келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари холдинг компаниянинг тегишли раҳбари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Word_15.png   ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ РЕГЛАМЕНТИ


Adobe_Acrobat_Reader.png   ФУКАРОЛАР МУРОЖАТИ РЕГЛАМЕНТИ


Adobe_Acrobat_Reader.png    ЯГОНА ТЕЛЕФОНИ РЕГЛАМЕНТИ