Инвестиционные проекты

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг акциядорлик корхонларига инвестицияларни жалб қилиш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий қайта тиклаш, модернизация ва диверсификация қилишни таьминлашга доир чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707-сон фармони ва “2016 йил учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури тўғрисида”ги 2015 йил 25 декабрдаги ПҚ-2458-сон қарорини бажариш мақсадида соҳа корхоналарига инвестицияларни жалб қилиш асосида лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда пахта тозалаш корхоналарини модернизация қилиш бўйича жами 15,64 млн. доллар миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, пахта тозалаш корхоналарини модернизация қилишда «Sinocot Tashkent cotton equipment» МЧЖ қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган гидравлик прессларни ўрнатиш кўзда тутилган.

Ёғ-мой ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш ҳамда корхоналарда маҳсулотларни қайта ишлашни ташкил этиш бўйича жами қиймати 9,17 млн. долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бу йилги пахта ҳосилига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда сифатли ташкил этиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишда тизимли назорат ўрнатиш, фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасида тўлов интизомини ва ҳисоб-китоб ишларини янада яхшилаш мақсадида холдинг компания таркибидаги «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг пахта тозалаш корхоналари ҳузурида 130 та Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ҳисоб-китоб қилиш Мониторинг марказлари ташкил қилинди. Мониторинг марказларини ташкил этиш тегишли корхоналарнинг ўз маблағлари эвазига коммерция банкларининг кредитлари асосида молия билан таъминланмоқда.

Тизимда пахта хом-ашёсини қабул қилишдан бошлаб, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган барча жараёнларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида электрон ҳисобот ва назорат тизимини яратиш ва жорий қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, биринчи босқичда фермер хўжаликларидан пахта хом ашёсини қабул қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида пахта тозалаш корхоналарида электрон тарозилар ўрнатилмоқда.

Ёғ-мой корхоналарида шротни қадоқлаш технологик линияларини ўрнатиш ва ишлаб чиқариш қувватини оширишга мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш ишлари ҳам бошлаб юборилди.

Шунингдек, хорижий компаниялар ва халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Холдинг компания ва Жаҳон банкининг Халқаро Тараққиёт Уюшмаси ўртасида фаол ҳамда кўп босқичлик ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Халқаро Тараққиёт Уюшмасининг молиявий линиясининг биринчи босқичида пахта тозалаш корхоналари эҳтиёжи учун 1200 дона қуёш батареяларида ишловчи кўча ёритгичлари ўрнатиш бўйича 1,5 млн. долларига тенг лойиҳа амалга оширилган бўлса, иккинчи босқичда «Қорақалпоқпахтасаноат» акциядорлик жамияти корхоналари учун «МАN» русумли 26 дона яримприцеплик автомашина ва «ISUZU» русумли 8 дона ўт ўчириш машиналари етказиб берилмоқда. Шунингдек, мазкур босқичда лентали ортувчи ускуналар, лентали ҳаракатланувчи транспортер-конвейерлар, пахта хирмонини кавлаш ва тақсимлаш ускуналари, мураккаб майда тозалаш агрегатлари ва гидравлик насосларни етказиб бериш ҳам кўзда тутилган. Лойиҳанинг кейинги босқичида пахтани қайта ишлаш корхоналари учун чет элда ишлаб чиқарилган линтер ускуналарини етказиб бериш чоралари кўзда тутилган.