Ўзбекистон янгиликлари / 10 Окт 2017

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди. 

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди. 

Қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ернинг ҳақиқий эгаси сифатида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаб берди ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектлар сифатида шаклланиши ва ривожланишини таъминлади. 

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, фермер ва деҳқонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Ўтказилган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди. 

Шу билан бирга, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда, тизимда бозор механизмларини жорий этишда, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантиришда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарор ошириб боришда ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланишда қатор муаммо ва камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан: 

биринчидан, фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади; 

иккинчидан, аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Узоқ йиллар фойдаланилмаётган томорқа ер эгаларининг ерга нисбатан муносабатини тубдан ўзгартириш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти;

учинчидан, фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган; 

тўртинчидан, фермер хўжаликларининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмоқда, уларнинг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда мавжуд имкониятлардан фойдаланилмаяпти; 

бешинчидан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда зарур инфратузилмалар яратилмаган ҳамда соҳада бозор механизмлари етарли даражада шаклланмаган; 

олтинчидан, аксарият фермер хўжаликларининг бугунги молиявий аҳволи замонавий, ресурстежовчи қишлоқ хўжалиги техника воситаларини харид қилиш, ишлаб чиқаришда илғор агротехнология, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш имконини бермаяпти; 

еттинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари аъзолари ва томорқа ер эгаларининг қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини етиштириш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш ҳамда бошқа хизматлар кўрсатиш тизими, шунингдек фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини ташкил этиш ҳолати бугунги кун талабларига жавоб бермайди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, пировард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпайтиришга бўлган муносабатларини тубдан ўзгартириш мақсадида: 

1. Қуйидагилар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг ҳозирги босқичдаги устувор йўналишлари этиб белгилансин: 

биринчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш; 

иккинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратиш; 

учинчидан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини кучайтириш; 

тўртинчидан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш; 

бешинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этиш; 

олтинчидан, “Томорқа – қўшимча даромад манбаи!” шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ер эгаларининг кундалик фаолиятига сингдириш; 

еттинчидан, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликларининг меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш. 

2. Ўзбекистон фермерлари кенгаши конференциясининг қарорига мувофиқ Ўзбекистон фермерлари кенгаши Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгашлари тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари сифатида қайта тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

3. 2018 йил ҳосилидан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга кўра: 

фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади; 

ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади. 

4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 
ва Сенатига: 

ҳудудларда, биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги шароитлари оғир бўлган туманларда, экин экиш аҳволини ҳар ойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида амалий чоралар кўриш; 

қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг халқ депутатлари туман Кенгашларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиниши аҳволини доимий равишда сенаторлар томонидан ўрганиш ҳамда ҳар чоракда Олий Мажлис Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш амалиётини жорий этиш тавсия этилсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография 
ва давлат кадастри давлат қўмитаси: 

Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда 2018 йил 1 октябрга қадар барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказсин ҳамда уларнинг ягона реестрини шакллантирсин; 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда шакллантирилган ягона реестрнинг назорат ҳолатида юритилишини, ундаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва доимий равишда янгиланиб борилишини таъминласин. 

6. Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясининг 2018-2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Белгилаб қўйилсинки, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (З.Мирзаев, Ж.Қўчқоров) ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича фермер хўжаликлари кесимида ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида тасдиқланишини таъминласин, шунингдек ҳудудий дастурлар асосида ишлаб чиқилган республика миқёсидаги дастурларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига киритсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Арипов, З.Мирзаев): 

икки ой муддатда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари лойиҳаларини киритсин; 

уч ой муддатда қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини оширишда, айниқса пахта йиғим-теримини механизациялаштиришда бозор инфратузилмаларини, инновацияларни, фан ютуқлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек соҳада меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

икки ой муддатда 2018-2020 йилларда республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига киритсин. 

8. Деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларига тақдим этиладиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ–4478-сон “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 9 октябрь 

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига
Ш А Р Ҳ


Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш масаласи алоҳида ўрин тутади. 

Шу сабабли ўтган давр мобайнида фермерлик ҳаракати, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кенгайтириш каби йўналишларда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи асосий субъектларга айланди. 

Ўтказилган ислоҳотлар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер майдонларида етиштирилишига эришилди. 

Айни вақтда амалга оширилган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ўз ечимини кутиб турган қатор муаммо ва камчиликлар ҳам тўпланиб қолган. 

Бундан беш йил олдин ташкил этилган Ўзбекистон фермерлари кенгаши фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш юзасидан ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмади. 

Аҳоли ихтиёридаги 480 минг гектардан ортиқ томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги паст даражада қолмоқда. Айрим ер эгалари ушбу майдонлардан узоқ йиллар фойдаланмай, қаровсиз ҳолда қолдирган бўлсада, уларнинг ерга нисбатан муносабатини ўзгартириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаётир. 

Фермер ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонлари ҳамда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш устидан парламент, вакиллик ва жамоатчилик назорати лозим даражада ўрнатилмаган. 

Фермер хўжаликларининг қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйишда, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда, соҳада бозор механизмларини шакллантиришда ҳам муаммолар мавжуд. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ана шундай муаммоларни ҳал қилиш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш мақсадида қабул қилинди. 

Фармонда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб берилди: 

биринчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимини яратиш, ушбу соҳада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш. 

Хусусан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасидаги масъулиятини ошириш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларига, шу жумладан Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади; 

иккинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан самарали фойдаланишдаги шахсий манфаатдорлиги ва масъулиятини ошириш, бу борада парламент, вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан тизимини яратиш. 

Ушбу йўналишда мутасадди ташкилотлар аниқ мақсадга йўналтирилган амалий чора-тадбирларни амалга оширади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари ҳамда Олий Мажлис палаталари томонидан ерлардан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ва мониторинг олиб борилади; 

учинчидан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг экин ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда уларнинг жавобгарлигини кучайтириш. 

Фармонда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига, тегишли вазирлик ва идораларга қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизмини яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилади; 

тўртинчидан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини кучайтириш. 

Мазкур йўналишда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади, фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади; 

бешинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, уларнинг тайёрлов, қайта ишлаш, таъминот ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларида замонавий бозор механизмларини жорий этиш. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ерларини суғориш учун доимий равишда етарли миқдорлардаги сув билан таъминлаш, агрофирмалар, тайёрлов ташкилотларининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар қабул қилинади; 

олтинчидан, “Томорқа – қўшимча даромад манбаи!” шиорини қишлоқ аҳолиси орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда ер эгаларининг кундалик фаолиятига сингдириш. 

Хусусан, оммавий ахборот воситаларида туркум телекўрсатувлар, радио эшиттиришлар ва босма матбуотда чиқишлар, деҳқончилик маданиятини юксалтиришга қаратилган конференциялар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ташкил этилади. Жойларда эса кенг тушунтириш ишлари олиб борилади; 

еттинчидан, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш, фермер хўжаликларининг меҳнат муносабатларини ташкил этиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш юзасидан бир қатор амалий чоралар кўрилади, шу жумладан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган таълим муассасалари қошида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. 

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида ўзини ўзи бошқариш ва назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида шу йилнинг 22 сентябрь куни конференция қарори билан Ўзбекистон фермерлари кенгаши Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида, жойлардаги фермерлар кенгашлари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари сифатида қайта тузилди. Шу муносабат билан Фармонда мазкур Кенгашнинг қайта тузилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. 

Таъкидлаш лозимки, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш учун вакиллик ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ўрнатиш талаб этилади. 

Шунинг учун ҳам Фармонга биноан, фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб бориш тартиби жорий этилди. 

Айни вақтда, ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилиши белгилаб қўйилди. 

Янги тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида мазкур ҳужжатда парламент назоратини ўрнатишнинг самарали механизмлари белгиланди, яъни Олий Мажлис палаталари вакиллари соҳада амалга оширилаётган ишлар аҳволини доимий равишда ўрганган ҳолда тегишли амалий чораларни кўради. 

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига Давлат солиқ қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда 2018 йил 1 октябрга қадар барча деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг ягона реестрини шакллантириш топширилди. 

Мазкур вазифанинг сифатли ва тўлиқ бажарилишини ташкил этиш мақсадида Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда шакллантирилган ягона реестрнинг назорат ҳолатида юритилишини, ундаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги, тўлиқлиги ва доимий равишда янгиланиб борилишини таъминлаш вазифаси юклатилди. 

Фармонда фермерлик ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссиясининг 2018-2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириштўғрисидаги таклифига розилик берилди ҳамда 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилиниши белгилаб қўйилди. 

Ушбу ислоҳотнинг босқичма-босқич, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига ҳар йили фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича фермер хўжаликлари кесимида ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашларида тасдиқланишини таъминлаш, шунингдек ҳудудий дастурлар асосида ишлаб чиқилган республика миқёсидаги дастурларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига киритиш топширилди. 

Фармон билан Вазирлар Маҳкамасига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, мева-сабзавотчилик, асаларичилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа муҳим йўналишларини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва унинг самарадорлигини янада оширишга қаратилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва киритиш топширилди. 

Қайд этиш жоизки, фермер хўжаликларида меҳнат муносабатларини ташкил этиш ҳолати бугунги кун талабларига жавоб бермайди, уларнинг фаолиятида янги агротехнологиялардан фойдаланишда бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан, ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалиги самарадорлиги ва рентабеллигини оширишда, айниқса пахта йиғим-теримини механизациялаштиришда бозор инфратузилмаларини, инновацияларни, фан ютуқлари ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек соҳада меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. 

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан бирга озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда 2018-2020 йилларда республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилди. 

Деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари тақдирланадиган “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилди. Ушбу кўкрак нишонларининг таъсис этилиши қишлоқ аҳолисининг меҳнатини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Фармонда назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратиш, унда белгиланган вазифа ва устувор йўналишларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритиш топширилди. 

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва реализация қилишни кўпайтиришга хизмат қилади ва ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг йўл очиб беради.